Россия Украинага қарши урушда қатнашиш учун 15 минг нафар Непал фуқаросини ёллаган — CNN

Фото: ТАСС

Россия Мудофаа вазирлиги Украинага қарши урушда қатнашиш учун қарийб 15 минг нафар Непал фуқаросини ёллаган, деб хабар беради CNN “кўп сонли манбалари”га таяниб.

Америка телеканали, хусусан, мамлакат собиқ ташқи ишлар вазири Бимала Рай Паудялнинг баёнотини келтириб ўтди, у айни пайтда фронт чизиғида 14 мингдан 15 минг нафаргача непаллик Россия томонида туриб жанг қилаётганини таъкидлаган.

CNN маълумотларига кўра, Россия армиясига қўшилиш истагида бўлган Непал фуқаролари мамлакатга сайёҳлик визаси билан кирмоқда, Россия ҳукумати эса уларга икки минг доллар қийматида ойлик маош ва тезлаштирилган тартибда расмийлаштириладиган Россия фуқаролигини таклиф қилмоқда.

Непал ҳукумати 200 га яқин фуқароси Россия томонида жанг қилаётгани, уалрнинг камида 13 нафари фронтда ҳалок бўлгани ҳақида расман маълум қилганди. Шу билан бирга, қарийб 100 киши бедарак йўқолгани ва яна тўрт киши Украинага асир тушгани ҳақида ҳам ахборот бор.

“Медиазона” нашри CNN келтириб ўтган рақамларни Россия Федерал хавфсизлик хизмати Чегара хизмати маълумотлари бўйича текшириб кўрди. Улар ҳақиқатан ҳам Россияга Непалдан кираётган сайёҳлар сони кескин ўсганини тасдиқлайди, аммо CNN манбалари келтириб ўтган даражада эмас.

ФХХ маълумотларига кўра, 2022 йилда Россияга бор-йўғи 72 нафар непаллик сайёҳ келган, 2023 йилда эса уларнинг сони 1039 нафарга етган. Уларнинг асосий қисми 2023 йилнинг тўртинчи чорагида кириб келган — уч ойда 700 дан ортиқ одам келган.

2023 йил декабрида Непал Россиядан унинг фуқароларини урушга ёллашни тўхтатишни сўраганди. Ўшанда мамлакат ТИВ Украинадаги урушда олти непаллик ҳалок бўлганини даъво қилганди. Кейинроқ маълум бўлишича, Непал ҳукумати мамлакат фуқароларига Россия ва Украинада ишлаш учун рухсатнома беришни вақтинчалик тўхтатган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.