Россия ҳукумати УҚК дронларининг ҳужумлари фонида мамлакатда бензин ишлаб чиқарилиши ҳақидаги статистика маълумотларини махфийлаштирди
Москва вақти билан соат 19.00 да “Росстат” 2024 йил 20 майдан 26 майгача бўлган ҳафта учун “Нефть маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми ва улар учун истеъмол нархлари тўғрисида” ҳафталик ҳисоботини эълон қилди, аммо унда автобензин ва дизель ёқилғисини ишлаб чиқариш бўйича маълумотлар йўқ эди.
“Росстат”даги вазият билан таниш бўлган манбанинг «Важные истории» нашрига айтишича, нефть маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича ҳафталик маълумотлар Энергетика вазирлигининг ташаббуси билан махфийлаштирилган. Мухбирнинг бу фақат шу ҳафтадаги маълумотларга тааллуқлими ёки бундан кейин ҳам шундай бўладими, деган саволига суҳбатдош: «Бу орқага қайтарилмайдиган нарса», – дея жавоб берди.
«Мавжуд геосиёсий вазиятни ҳисобга олган ҳолда, бундай маълумотларнинг ошкор этилиши виждонсиз иштирокчилар томонидан бозорни манипуляция қилиш учун сабаб бўлиши мумкин», – дея тасдиқлади Энергетика вазирлиги “РБК”га.
Охирги уч ҳафта ичида Украина қуролли кучларининг (УҚК) Россия нефтни қайта ишлаш заводларига оммавий ҳужумлари фонида автобензин ишлаб чиқариш узлуксиз пасайиб борди: 13 майдан 19 майгача у аввалги ҳафтага нисбатан 2,5 фоизга, 6 майдан 12 майгача – 2,7 фоизга, 29 апрелдан 5 майгача – 4,4 фоизга камайди.
Шарҳлар