Россияда 8-9 синф ўқувчилари учун дронлар бўйича дарслик чиқарилди
«Просвещение» нашриёти дрон ишлаб чиқарувчи «Геоскан» компанияси билан ҳамкорликда «Меҳнат (технология)» фани доирасида «Робототехника» мактаб модули учун дронлар бўйича биринчи ўқув қўлланмасини нашр этди.
Курс 8-9 синф ўқувчилари учун мўлжалланган бўлиб, у учувчисиз авиация асослари билан танишиш имконини беради.
34 соатга мўлжалланган ўқув материали олти бобдан иборат:
- Пилотсиз авиацияга умумий кириш;
- Дронларнинг таснифи ва тузилиши;
- Учувчисиз ҳаво кемаларининг электрон компоненти;
- Қўлда учириш асослари;
- Автоном парвозларни дастурлаш;
- Дронлар дунёсидаги тенденциялар ва касблар.
Мактаб дастурига дронлар бўйича алоҳида модулни киритиш Россия Украинага бостириб кирганидан сўнг Россия мактабларида дрон технологияларини ўқитиш бўйича кучайтирилган саъй-ҳаракатларнинг бир қисмига айланди.
2023 йил августида дронлардан фойдаланиш асосларини ўрганиш 10-11 синфлар учун бошланғич ҳарбий тайёргарлик дастурига киритилган эди. «Техник тайёргарлик ва алоқа асослари» модули доирасида ўқувчилар дронлардан жанговар фойдаланиш усулларини, улар ёрдамида ҳудудни разведка қилишни, шунингдек, душман дронларига қарши курашиш алгоритмларини ўрганади. Бундан ташқари, ўқувчилар дрон аппаратларини бошқаришнинг амалий кўникмаларини эгаллашлари керак, дея хабар беради Россия Федерацияси Маориф вазирлиги матбуот хизмати.
Шарҳлар