Россияликлар дунёнинг 100 та шаҳрида урушга қарши акцияларга чиқмоқда
Россияликлар кетма-кет икки кундан бери урушнинг икки йиллиги муносабати билан Украина халқи билан бирдамликни намойиш қилиш ва Путиннинг ҳарбий тажовузига қарши эканликларини билдириш учун митингларга йиғилмоқда. Дунёнинг 28 мамлакатида «Россия урушга қарши қўмитаси» ҳомийлигида митинглар ўтказилмоқда. Баъзи шаҳарларда украиналиклар томонидан уюштирилган митингларга россияликлар ҳам қўшиляпти.
Умуман олганда, “МО” ҳисоб-китобларига кўра, норозилик намойишлари 100 та шаҳарда бўлиб ўтган. “МО” обуначилари митинглардан фотосуратлар билан ўртоқлашди.
Мальмёда (Швеция) инсталляция ўрнатилди – болалар ўйинчоқлари билан тўлдирилган тиркамада оқ қафас. Улар Россия Федерациясига мажбуран олиб кетилган украиналик болаларнинг рамзи. Мусиқачилар намойишчилар олдида украин тилида қўшиқлар ижро этмоқда, акция иштирокчилари эса Украина байроқларини кўтариб олган.
Вашингтонда фаоллар Россия элчихонаси биноси олдида чироқли перформанс ташкил қилди. Бу ерда улар: «Украина учун ғалаба. Диктатурага йўқ. Урушга қарши» сатрларини ёқиб қўйишди. Фаоллар элчихона ёнида рус ва инглиз тилларида урушга қарши плакатлар билан тўпланишди: «2 йил давом этаётган уруш, шундай бўлиши мумкинми?!», «I’m Russian and I support Ukraine».
Гёттинген шаҳрида (Германия) мотам акцияси ўтказилди. Йиғилганлар шам ёқиб, ҳалок бўлган украиналикларнинг фотосуратлари турган ёдгорлик пойига гуллар қўйишди. Бир қанча фаоллар немис тилидаги плакатлар билан келган, оломон орасида Украина ва Европа Иттифоқи байроқлари кўтарилди.
Шарҳлар