Россия “Крокус”даги терактга тайёргарлик кўрилаётганини 15 февралдаёқ билган — Украина ҳарбий разведкаси раҳбари

Foto: UNN

Россия махсус хизматлари “Крокус Сити Холл” концерт залида уюштириш учун теракт тайёрланаётганини олдиндан билган, дея даъво қилмоқда Украина Мудофаа вазирлиги Разведка бош бошқармаси (РББ) бошлиғи Кирилл Буданов.

“Камида 2024 йил 15 февраль куни Россия тайёргарликдан хабардор бўлган. Сизга янада кўпроқ нарсани айтаман, бу ахборот гуруҳнинг Суриядаги разведка бошқармаси орқали ўтган. Ана ўша ердан у Москвага кетган. Буларнинг барчаси ғалати тарзда йўқ жойдан амалга оширилгани ҳақида эртаклар айтишмасин”, — деди Буданов стратегик коммуникатсиялар бўйича учинчи халқаро форумда нутқ сўзлар экан.

РББ бошлиғи сўзларига кўра, Кремлдагилар Россияга жангарилар қаердан ва қайси икки мамлакат орқали кириб келишини билган. “Улар бунинг содир бўлишига нима учун йўл қўйиб бергани борасида бир нечта вариантлар бор. Биринчидан, бу уларда қабул қилинганидек, бир қанча мансабдорларни ишдан олиш учун “миноралар” жанги. Иккинчидан, улар юз берадиган ҳодиса кўламига етарлича баҳо бермаган. Бу маҳаллий кўламда бўлади деб ўйлашган ва ҳамма нарса Украинани айбламоқчи бўлишган”, — деди Буданов.

Кремль терактдан қидираётган “Украина изи” ҳақида гапирар экан, у Россия ҳукумати “Крокус”да содир бўлган ҳодиса бўйича ўз талқинини уч марта ўзгартирганини қайд этди.

Эслатиб ўтамиз, Подмосковьедаги “Крокус Сити Холл” концерт залида 22 март куни кечқурун теракт юз берди. Сўнгги маълумотларга кўра, 143 киши ҳалок бўлиб, 360 киши жабрланган.

Теракт учун масъулиятни ИШИДнинг “Вилоят Хуросон” ячейкаси ўз зиммасига олди, аммо Россия ҳукумати унинг ортида Украина турганини даъво қилмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.