Германияда Алишер Усмоновнинг шикоятидан кейин икки нафар прокурорга нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Foto: “TASS”

Россиянинг USM холдинги асосчиси Алишер Усмонов ўз ҳуқуқлари бузилгани ҳақида ариза бергач, Франкфурт-Майнда икки нафар прокурорга қарши жиноят иши қўзғатилди, деб хабар беради Bild.

Франкфурт прокуратураси матбуот котиби маълум қилишича, Бош прокуратуранинг бир нафар катта ва бир нафар оддий прокурорига нисбатан иш қўзғатилган. Бунга икки киши томонидан берилган аризалар сабаб бўлган, улар орасида “Россия Федерациясидан бўлган 70 ёшли бизнесмен” ҳам бор.

Иш одил судловдан оғиш ва айбсизларни таъқиб қилишда гумонлаб қўзғатилган. Нашр ушбу ишни 2022 йил кузида бўлиб ўтган тинтувлар билан боғлади, улар ўтган йил майида Франкфуртдаги суд томонидан ноқонуний деб топилган, кейинроқ эса тинтув доирасида мусодара қилинган барча буюмлар қайтарилиши белгиланган эди.

Бироқ, Bild маълумотларига кўра, Бош прокуратура ходимлари “суд томонидан берилган ноқонунийлик таърифи аҳамиятга эга эмас”лигини, чунки улар “бошқача нуқтаи назар билан қарагани”ни даъво қилишган.

Айни пайтда Франкфурт прокуратураси дастлабки тергов доирасида суриштирув бошлаш масаласини кўриб чиқмоқда.

Алишер Усмонов 2022 йилдан буён Евроиттифоқ санкциялари остида. У санкцияларга суд орқали эътироз билдиришга қарор қилди. Германия тергов органлари россиялик бизнесменни пул ювишда ва солиқ тўлашдан бўйин товлашда гумон қилмоқда. Бизнесмен эса барча айбловларни рад этмоқда.

Аввалроқ Алишер Усмоновнинг ҳимояси иқтисодчи Андерс Ослунд ва Германия Федерал жиноий полиция бошқармасининг Х ижтимоий тармоғидаги (собиқ Твиттер) хабарларини ўчиришга муваффақ бўлгани хабар берилган эди. Европа Иттифоқи Кенгаши бу хабарлардан тадбиркор ва унинг синглиси Гулбаҳор Исмоиловага қарши санкцияларни қўллашда далил сифатида фойдаланган

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.