Россия дронлари Одесса ва Харьковга ҳужум қилди

Фoтo: Getty Images

Россия қўшинлари 11 мартга ўтар кечаси Украинага “Шаҳед” дронлари билан ҳужум қилди. Бу ҳақда Украина қуролли кучлари (УҚК) Бош штаби хабар берди. УҚК маълумотларига кўра, Россия жами 25 та учувчисиз учар қурилма қўллаган. Украина ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимлари 15 та дронни уриб туширгани айтилмоқда.

Одесса вилояти осмонида 10 та дрон уриб туширилган. У ерда инфратузилма объекти нишонга олинган ва маъмурий биноларга зарар етган. Зарба тўлқинидан хусусий уйлар деразалари синиб кетган, дронлар парчалари хўжалик иншоотларини вайрон қилган. Дастлабки маълумотларга кўра, жабрланганлар йўқ.

Харьковда дронлар ҳужуми оқибатида иккита кўп хонадонли уй, меҳмонхона биноси, инфратузилма объекти ва коммунал муассаса биносига зарар етган. Ҳукумат хабарларига кўра, ҳеч ким жабрланмаган.

Россия ва Украина тўлиқ кўламли уруш чоғида учувчисиз учар қурилмалардан фаол фойдаланмоқда. Россия Мудофаа вазирлиги хабар беришича, 11 марта ўтар кечаси ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимлари Орлов ва Брянск вилоятларида Украинанинг тўртта дронини уриб туширган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.