Россия Мудофаа вазирлиги кадрлар бўлими бошлиғи иши бўйича иккинчи айбланувчи ҳибсга олинди

Фото: DW (Иллюстративное)

Москвада Россия Мудофаа вазирлигининг кадрлар бошқармаси бошлиғи, генерал-лейтенант Юрий Кузнецов аввалроқ ҳибсга олинган ўта йирик миқёсдаги порахўрлик иши бўйича иккинчи айбланувчи ҳибсга олинди. Басманний суди якка тартибдаги тадбиркор Лева Мартиросянни ҳибсга олишга рухсат берди. Бу ҳақда DW хабар бермоқда.

Мавжуд маълумотларга кўра, тергов 52 ёшли Мартиросянни Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 291-моддаси (айниқса катта миқдорда пора бериш) 5-қисми бўйича айбламоқда. Суд 1 ой 28 кун муддатга, яъни 2024 йил 12 июлга қадар қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини танлади, дея аниқлик киритади нашр.

Россия Мудофаа вазирлигининг кадрлар бўлими бошлиғи порахўрликда қўлга олинганди

55 ёшли генерал-лейтенант Юрий Кузнецов 13 май куни қўлга олинган.

Кузнецовга нисбатан жиноий иш қўзғатилди, унга Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 290-моддаси бўйича 15 йилгача қамоқ жазоси берилиши мумкин, деди Россия Тергов қўмитаси расмий вакили Светлана Петренко. Унинг сўзларига кўра, тинтув пайтида Кузнецовдан 100 миллион рубл, олтин тангалар ва ҳашаматли буюмлар топилган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.