БМТ Хавфсизлик кенгаши Россиянинг коинотга қурол жойлаштирмаслик ҳақидаги резолюциясини қабул қилмади

Foto: “RIA Novosti”

БМТ Хавфсизлик кенгаши Россия томонидан тайёрланган коинотга қурол жойлаштирмаслик бўйича резолюция лойиҳасини блоклаб қўйди. Лойиҳага қарши Хавфсизлик кенгашининг 15 аъзосидан 7 таси овоз берди, деб ёзади “Коммерсантъ”.

Резолюция лойиҳасини еттита мамлакат, шу жумладан, Россия ва Хитой ёқлаб чиқди. Швейцария бетараф қолди. Резолюция қабул қилиниши учун БМТ ХКнинг камида 9 та аъзосининг овози керак эди. Россиянинг ташкилотдаги доимий вакили Василий Небензя айтишича, лойиҳанинг рад этилиши АҚШнинг коинотни ҳарбийлаштириш ниятини исботлайди.

Апрелда Россия БМТ ХКда Ер орбитасига ядро қуролини ва бошқа турдаги оммавий қирғин қуролларини жойлаштиришни тақиқловчи Америка-Япония резолюциясига вето қўйган эди.

Ўтган ҳафта The New York Times газетаси Пентагон вакилларига таяниб, АҚШ ер усти ва фазовий технологияларнинг янги авлодини яратишни режалаштираётгани, улар Америка сунъий йўлдош тармоқларини ҳужумлардан ҳимоя қилиш ва бошқа мамлакатлар сунъий йўлдошларига ҳужум қилиш имконини бериши ҳақида ёзганди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.