Россия ойига 250 мингта снаряд ишлаб чиқармоқда. Бу АҚШ ва Евроиттифоқ Украинага юбора оладиган ёрдамдан уч марта кўп

Фото: РИА

НАТО мамлакатлари разведкаси ҳисоб-китобларига кўра, Россия ойига 250 мингта, йилига 3 миллионга яқин артиллерия снарядларини ишлаб чиқармоқда, деб хабар беради CNN телеканали.

Айни вақтда телеканал Европа разведка хизматлари юқори мансабли вакилига таяниб маълум қилишича, АҚШ ва Евроиттифоқ корхоналари Украинага кўпи билан 1,2 миллионта снаряд етказиб бериш қувватига эга.

Нашр манбаларига кўра, айни вақтда Россия кунига 10 мингга яқин снаряд отмоқда — таққослаш учун, Украина фронтда тахминан 2 мингта снаряд қўлламоқда.

Украина ғарблик иттифоқдошларидан замонавий қурол тизимларини олган, аммо ҳарбий таҳлилчилар фикрича, низода ким кўпроқ артиллерия снарядларини ишлатса, ўша ғолиб чиқиши мумкин.

НАТО вакили айтишича, Россия ўзининг снарядлар ишлаб чиқариш бўйича заводлари фаолиятини кеча-ю кундуз режимида ушлаб турибди, ҳар 12 соатлик сменадан кейин ишчилар алмашмоқда. Айни пайтда Россия мудофаа секторида қарийб 3,5 миллион киши ишламоқда, урушдан олдин эса уларнинг сони 2—2,5 миллионга етган.

Бундан ташқари, Россия Эрон ва Шимолий Кореядан ҳам снарядлар олмоқда.

“Ишлар унча яхши кетмаяпти, аммо вазият бундан кейин нималар бўлишига боғлиқ, — деди манбалардан бири. — Агар ёрдам қайта тикланса, ва тезкорлик билан келиб туша бошласа, демак ҳали умид бор, дегани”.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.