«Рус бўлмаганларга ўлим»: Фрязинода бир киши ўйин клубига ташриф буюрувчиларни пичоқлади
Кеча, 25 март куни Москва яқинидаги Фрязино шаҳрида бир киши компьютер клубига ташриф буюрган икки кишига пичоқ билан ҳужум қилди. Жабрланганлар касалхонага ётқизилган, уларга ҳужум қилган шахс қўлга олинган.
Тергов маълумотларига кўра, 1989-йилда туғилган маҳаллий фуқаро клуб ёнидан ўтиб кетаётиб, йигитни кўриб, унга пичоқ урган. Кейин ҳужумчи клубга кириб, яна бир бошқа мижозни пичоқлаган.
Ҳужум қилган шахс маст бўлган. Телеграм каналларининг хабар беришича, ҳужум пайтида эркак ирқчилик шиорларини бақирган. Қурбонлар 2002 ва 2008-йилларда туғилган хорижликлардир. Жиноят иши икки чет эл фуқаросини ўлдиришга суиқасд моддаси (Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 30-моддаси 3-қисми, 105-моддаси 2-қисми) билан тергов қилинмоқда.
Россияда икки кун ичида 2,5 мингдан ортиқ муҳожир ҳуқуқ фаоллари билан боғлангани ҳақида аввалроқ ёзган эдик.
Шарҳлар