Путин: янги сафарбарлик режалаштирилмаяпти, бунга зарурат йўқ
Россия ҳукумати янги сафарбарлик эълон қилишни режалаштирмаяпти. Бу ҳақда Россия президенти Владимир Путин Петербург иқтисодий форуми ялпи сессиясида маълум қилди, деб ёзади Meduza.
Путиннинг сўзларига кўра, агар Россия Украинадаги мақсадларига максимал даражада тез эришишни истаса, ҳозирги контингент етарли эмас. Бироқ, деди президент, Россия армияси бошқача тактика олиб бормоқда, у украина армиясини “сиқиб чиқармоқда”.
“Агар биз буни максимал даражада тез қилишни хоҳласак, бизга амалдаги контингент камлик қилади. Аммо биз, айтиб ўтганимдек, бошқача тактика олиб бормоқдамиз — бизнинг назоратимиз остига ўтиши керак бўлган ҳудудлардан душманни сиқиб чиқармоқдамиз. Бу маънода бизда сафарбарлик ўтказиш учун зарурат йўқ, биз буни режалаштирмаяпмиз”, — деди Путин.
Унинг айтишича, 2023 йилда 300 мингдан ортиқ одам, 2024 йил бошидан буён эса 160 мингдан зиёд киши Мудофаа вазирлиги билан шартномалар имзолаган.
Россия ҳукумати 2022 йил сентябрида сафарбарлик ўтказилиши ҳақида эълон қилди. Ундан аввалроқ эса Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Россияда сафарбарлик ҳақида гап бормаётганини даъво қилганди. Октябрь охирида Путин сафарбарлик якунланганини эълон қилди, бироқ тегишли фармонни имзоламади.
Шарҳлар