Байденнинг маслаҳатчиси Жейк Салливан Киевга келди ва АҚШ Украинага “иложи борича тезроқ” ҳарбий ёрдам ажратишини ваъда қилди
АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан эълон қилинмаган ташриф билан Киевга келди, деб ёзади Meduza. 20 март куни кечқурун у Украина президенти офиси раҳбари Андрей Ермак билан қўшма брифингда сўзга чиқди.
Америкалик мансабдор журналистларнинг Украинага ҳарбий ёрдам пакети қачон маъқулланиши мумкинлиги ва Байден маъмуриятида конгресс қонун лойиҳасини қабул қилмаган тақдирда “Б режаси” бор-йўқлиги ҳақидаги саволларига жавоб берди.
Салливан ишонч билдиришича, вакиллар палатасида туриб қолган қонун лойиҳаси иккала партия томонидан ҳам маъқулланади. Аммо у бу қачон юз беришини прогноз қилишдан бош тортди. У “Б режаси” ҳақида гапиришга ҳожат йўқ деб ҳисоблашини таъкидлади.
Салливаннинг фикрича, Россия аллақачон Украина билан урушда ютқазган. “Россия нима қилмоқчи эди? Украинани харитадан ўчириб ташламоқчи эди. Украиналик бўлиш ғоясининг ўзини тарихдан ўчирмоқчи эди. Буни қила олмади”, — деди у.
АҚШ маъмурияти вакили фикрича, агар Украина урушдан суверен, демократик, эркин мамлакат бўлиб чиқса, шу унинг ғалабаси бўлади.
Украина ОАВлари қайд этишича, Салливан ғалаба шартлари орасида Украина ҳудудий яхлитлигининг тикланишини тилга олмаган.
Шарҳлар