Россиянинг Самара вилоятидаги нефть заводи дрон ҳужумидан кейин ёниб кетди
Россиянинг Самара вилоятидаги Сизран нефтни қайта ишлаш заводи ҳудудида ёнғин юз бергани ҳақида шаҳар маъмурияти маълум қилди. Завод ходимлари эвакуация қилинган, ҳеч ким жабрланмаган.
Кейинроқ губернатор Дмитрий Азаров аниқлик киритишича, нефть заводи учувчисиз учар қурилма ҳужумига учраган, оқибатда нефть маҳсулотларини қайта ишлайдиган ускуна ёниб кетган.
Яна бир дрон Новокуйбишев нефтни қайта ишлаш заводига ҳужум қилишга уринган, аммо, Азаровнинг сўзларига кўра, уринишнинг олди олинган.
Дронлар ҳужуми фонида Самара вилоятида нефтни қайта ишлаш заводлари ҳимояси кучайтирилган.
Аввалроқ Украина президенти Владимир Зеленский ҳарбий йиғилишлар ўтказгани, уларда Россиянинг Украина кучлари “энг катта зарар” етказиши мумкин бўлган “энг заиф жойлари” аниқланганини маълум қилган эди.
Forbes ҳисоб-китобларига кўра, 2024 йил бошидан буён Россиянинг нефть тармоғига алоқадор корхоналарига 11 марта дронлар билан ҳужум қилинган.
Россия Украинага тўлиқ кўламда бостириб кирганидан буён, РФнинг чегарага туташ ҳудудлари учувчисиз учар қурилмалар билан ўққа тутилмоқда. Сўнгги кунларда Россиянинг Белгород вилоятига ҳужумлар янада шиддатли тус олди.
Шарҳлар