Сейсмолог Истанбулда 7,6 баллгача бўлган кучли зилзиладан хавфсирамоқда
Туркиянинг етакчи сейсмологи Нажи Герур Истанбулда 7,6 магнитудали зилзила юз бериши мумкинлигини айтди. Унинг сўзларини “РИА Новости” келтиради.
“Биз Қаҳраманмарашдаги зилзила ҳақида қичқирдик, бақирдик, лекин ҳеч ким қулоқ солмади. Энди тарих такрорланишидан қўрқамиз, яна ўша гапни айтяпмиз: бир кун келиб ҳаммаси тугайди”, — деди у.
Бундай кучли зилзила Туркиянинг маданий пойтахтида камида 90 мингта бинонинг қулашига олиб келиши кутилмоқда.
Бунгача Туркиянинг Токат вилоятида 5,6 магнитудали зилзила содир бўлган эди.
2023 йилнинг 6 февралида Туркия жануби-шарқида 7,7 ва 7,6 магнитудали зилзилалар содир бўлган ва ер силкинишлари Сурияга ҳам таъсир қилган. Туркия ҳукумати зилзилаларни “аср фалокати” деб атади.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастурининг Туркиядаги доимий вакили Луиза Винтон, февраль ойи бошида Туркия ва Сурияда юз берган зилзилаларнинг иқтисодий зарари фақат Туркия Республикасининг ўзида 100 миллиард доллардан ошганини айтди.
Шарҳлар