Йўқ қилинган “Сергей Котов” кемаси Россия Қора денгиз флоти таркибидаги энг янги кема бўлган

"Сергей Котов" был самым новым в составе флота РФ
Фото: Медиапалуба

5 март, сешанба куни эрталаб Россиянинг “Сергей Котов” кемаси йўқ қилингани ҳақида Россиянинг бир нечта ҳарбий Telegram-каналлари хабар берди. Уларнинг маълумотларига кўра, Украина қуролли кучлари тунда Қримга ракеталар, учувчисиз учар қурилмалар ва экипажсиз катерлар билан ҳужум қилган, уларнинг сўнггиси кемани нишонга олган бўлиши мумкин. Баъзи манбаларга кўра, кема экипажи омон қолган.

Россия Мудофаа вазирлиги ва Украина ҳукумати кемага ҳужум бўлганини расман тасдиқлагани йўқ. Аммо аввалроқ “Украинская правда” нашри Украина Мудофаа вазирлиги Разведка бош бошқармасидаги манбасига таяниб, айнан шу тузилма кемани йўқ қилгани ҳақида хабар берганди.

“Сергей Котов” патруль катери 2021 йил бошида тантанали равишда сувга туширилган эди. 2022 йил июлида эса у Қора денгиз флоти таркибига кирган. Ўша пайтда “Сергей Котов” “энг замонавий” патруль кемаси деб аталган, “махсус конструкция ва қоплама уни душман радарлари учун деярли сезиларсиз ҳолатга келтириши” таъкидланган эди.

Россия Мудофаа вазирлиги сайтига жойланган маълумотларга қараганда, ушбу сериядаги кемаларга 60 кишилик экипаж жойлаштирилади, радиотехник ва гидроакустик усканалар, шунингдек, радиоэлектрон қаршилик кўрсатиш қурилмалари билан жиҳозланади.

Қора денгиз флоти таркибида тўртта патруль кемаси бор. Уларнинг барчаси битта лойиҳа бўйича ясалган. Асосий кема — “Василий Биков” 2018 йилда ишга туширилган, қолган иккита кема — “Дмитрий Рогачев” ва “Павел Державин” 2019 ва 2020 йилларда флот таркибига кирган.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.