Греция ва Дания шаҳзодаси Михаил 85 ёшида вафот этди
Греция ва Дания шаҳзодаси Михаил Афинада 85 ёшида вафот этди, деб ёзади “Коммерсантъ”. Шаҳзода Михаил Мишель Де Грес тахаллуси билан машҳур бўлган. У, шунингдек, Греция қироли Георг I нинг тирик қолган ягона набираси ҳам эди.
Шаҳзоданинг ўлими ҳақида Грециянинг ProtoThema газетаси хабар берди. У касалхонада вафот этган.
Шаҳзода Михаил — қирол Георг I ва қиролича Ольганинг бешинчи ўғли бўлган Греция ва Дания шаҳзодаси Христофор (1888-1940)нинг ўғлидир. Шаҳзода Михаилнинг онаси Бурбонлар авлодидан бўлган Орлеанлик Жан герцог де Гиз ва Орлеанлик Изабелланинг қизи Орлеанлик Франсуаза бўлган.
Иккинчи жаҳон уруши даврида шаҳзода Михаил Марокашда яшаган, шундан кейин онаси билан бирга Парижга кўчиб кетган. Онасининг ўлимидан кейин шаҳзодани амакиси ўз васийлиги остига олган. 25 ёшида шаҳзода Михаил Италияда сиёсатшунослик соҳасида илмий даражани олиб, сўнг Грецияга қайтган ва тўрт йил армияда хизмат қилган. 1965 йилда у рассом Марина Кареллега уйланиб, Греция тахтидан воз кечган. 1968 ва 1971 йилларда уларнинг қизлари Александра ва Ольга туғилган.
Шарҳлар