Путин Шойгуни коррупция ҳамда самарали уруш олиб боришга ноқобиллиги учун истеъфога юборган — Bloomberg
Россия президенти Владимир Путин вазирлик ёппасига коррупция шароитида уруш олиб боришга қодирлиги юзасидан ишончини буткул йўқотгач, Сергей Шойгуни мудофаа вазири лавозимидан олиб, Хавфсизлик кенгаши котиблигига ўтказишга қарор қилган. Бу ҳақда Bloomberg нашрининг уч нафар манбаси маълум қилган.
Улардан бирининг айтишича, Путин “урушни фаҳм ва идрок билан олиб бориш зарурлиги” туфайли, Шойгунинг ўрнига иқтисодиёт бўйича ўзининг собиқ ёрдамчиси ва бош вазир ўринбосари Андрей Белоусовни танлаган. Президент унга мудофаа вазири бўлишни таклиф этганида, 65 ёшли Белоусов ҳайратга тушган. Бироқ манбалар таъкидлашича, Белоусов иккиланишсиз рози бўлган, чунки Путинга шунчаки президент сифатида эмас, балки “жаҳон тарихини ўзгартирувчи глобал сиймо” сифатида қарайди.
“Белоусов Шойгунинг қўлидан келмаган, армия таъминоти билан боғлиқ вазиятни яхшилаш учун тайинланди. Аммо Белоусов амалий раҳбарлик қилиши ёки стратегияларни амалга ошириши билан эмас, балки кўпроқ сиёсатни ишлаб чиқиши билан танилган”, — деди Москвадаги “Стратегия ва технологиялар таҳлили маркази” раҳбари Руслан Пухов.
Шарҳлар