Скарлетт Йоханссон OpenAI компаниясини GPT-4o нейротармоғи учун унинг овозига тақлид қилишда айблади
Скарлетт Йоханссон ChatGPT унинг овозида гапираётганидан шикоят қилди. Йоханссоннинг айтишича, 2023 йил сентябрь ойида OpenAI директори Сэм Альтман уни янги GPT-4o нейрон тармоғида овоз беришга таклиф қилган ва унинг овози “одамлар ва сунъий интеллект ўртасидаги муносабатлардаги сейсмик силжиш шароитида истеъмолчиларга ўзларини қулай ҳис қилишларига ёрдам беришини” айтган.
Актриса «кўп ўйлагандан кейин» ва «шахсий сабабларга кўра» буни рад этганини таъкидлади. Бироқ, 2024 йил май ойида GPT-4o тақдимотидан сўнг, у, унинг оиласи ва кенг жамоатчилик Sky – нейрон тармоғининг бешта овозли версиясидан бири – Йоханссонникига жуда ўхшаш овозда гапирганини пайқашган.
“Демо версия чиққанидан кейин уни эшитганимда, жаноб Альтман меникига шу қадар ўхшаш овозни ишлатганидан ҳайратда қолдим, ғазабландим ва ишонмай қолдим, ҳатто менинг энг яқин дўстларим ва ахборот агентликлари ҳам овозларда фарқ йўқлигини айтишди”, – дея Йоханссоннинг сўзларини келтиради NBC News.
Актрисанинг қўшимча қилишича, ўхшашлик қасддан қилинган, чунки GPT-4o тақдимоти куни Альтман Х ижтимоий тармоғида унинг сўзларини ёзган – бу, Йоханссоннинг сўзларига кўра, 2013 йилдаги «У» фильмига ишора. Актриса чатбот Самантага овоз берган. Шунингдек, унинг сўзларига кўра, релиздан икки кун олдин Альтман Йоханссоннинг вакили билан боғланиб, ундан ўз қарорини қайта кўриб чиқишини сўраган.
Бунга жавобан OpenAI Йоханссонникига жуда ўхшаш бўлиб чиққан Sky нинг овози бошқа овозлар каби профессионал актёрлар иштирокида (ишлаб чиқувчи уларнинг исмларини айтмаган) ёзиб олинганини маълум қилган. Альтман, NBC News маълумотларига кўра, Sky нинг овози Йоханссонники эмаслигини ва ўхшашлик қасддан эмаслигини айтган. Sky овози ҳозирда GPT-4o да мавжуд эмас.
GPT-4o тақдимоти 13 май куни Сан-Францискода бўлиб ўтди. OpenAI нейрон тармоғининг янги версияси матн, аудио ва визуал маълумотларнинг ҳар қандай комбинациясини идрок этиши ва жавобларда бир хил комбинацияларни яратиши мумкин ва мулоқотда GPT-4o одамга янада кўпроқ ўхшайди.
Шарҳлар