Украина ҳужуми оқибатида Россиянинг Таганрог авиазаводи ва у ерда модернизация қилинаётган А-50 самолёти йўқ қилинган
9 март, шанба куни эрталаб Украина дронларининг ҳужуми натижасида Россиянинг Таганрог авиация заводи ва “учар радар” деб аталувчи А-50 самолёти йўқ қилинган. Бу ҳақда халқ депутати Алексей Гончаренко ўз манбаларига таяниб маълум қилди.
“Таганрог авиазаводи ва у ерда модернизация қилинаётган А-50 самолёти нУкраина қуролли кучларининг тонгги ҳужумлари оқибатида йўқ қилинди. Менга бу ахборотни тасдиқлаб беришди”, — деб ёзди Гончаренко.
Эслатиб ўтамиз, 9 мартга ўтар кечаси Россия ҳаво ҳужумига қарши мудофаа воситалари мамлакатнинг тўртта ҳудудида 47 та учувчисиз учар қурилмаларни тутиб қолган ва йўқ қилган. Россия Мудофаа вазирлиги ҳужумда “Киев режими”ни айблади.
База Telegram-канали Ростов вилоятида Украина дронлари Бериев номидаги илмий-техник мажмуа таркибига кирувчи авиация корхонаси ҳудудига зарба беришга уринганини хабар қилганди. Ушбу завод А-50 разведкачи самолётларни таъмирлаш ва модернизация қилиш билан шуғулланади.
Аввалроқ Украина президенти Владимир Зеленский феврал ойи бошидан бери Россия 15 та самолётини йўқотгани ҳақида айтганди.
Украина қуролли кучлари (УҚК) сўнгги ҳафталар мобайнида бир нечта бомбардимончи самолётларни уриб туширганига қарамасдан, Россия Украина бўйлаб шиддатли авиазарбалар беришда давом этмоқда.
Урушни тадқиқ қилиш институти (ISW) қайд этишича, агар бу унга олға силжишда ёрдам берадиган бўлса, Россия ўз жанговар авиациясини бой беришга тайёр.
Шарҳлар