Трамп ва Зеленский 19 июль куни телефон орқали мулоқот қилади — CNN
АҚШ собиқ президенти Дональд Трамп 19 июль куни Украина президенти Владимир Зеленский билан телефон орқали мулоқот қилади. Бу ҳақда CNN ўз манбаларига таяниб хабар берди. Ушбу суҳбат Трамп 2021 йилда президент лавозимини тарк этганидан буён биринчиси бўлади.
Манбалардан бири айтишича, сиёсатчиларнинг мулоқоти “Европадаги хавотир фонида” Дональд Трамп президент сайловида ғолиб чиқса, унинг Украинадаги низо бўйича сиёсати қандай бўлиши мавзусида кечади. Яна бир манбага кўра, томонлар Трамп ва Зеленскийнинг графиклари тез-тез ўзгариб тургани туфайли, телефон суҳбати ўтказиш борасида узоқ вақт келиша олмаган.
Трамп президент лавозимига киришганидан кейин 24 соат ичида Россия-Украина низосини тугата олиши ҳақида кўп марта гапирган. Кремль эса низо ўта мураккаб бўлгани туфайли уни бир кунда якунлаш имкони йўқлигини айтмоқда. Зеленский Трамп қайта сайланган тақдирда, АҚШ билан ҳамкорлик қийин бўлишини таъкидлаган.
Шарҳлар