Телеграм Украина разведкаси ва УХХ чат-ботларини блоклади
Телеграм мессенжери маъмурияти 28 апрель куни кечқурун Украина давлат идоралари ва қуролли бўлинмалари томонидан яратилган бир нечта чат-ботларни блоклаб қўйди.
Украина Мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармасининг (БРБ) маълум қилишича, Телеграм раҳбарияти “Россиянинг Украинага қарши ҳарбий агрессиясига қарши турган бир қатор расмий ботларни асоссиз равишда блоклаган”. Хусусан, Бош разведка бошқармаси томонидан яратилган “Асосий разведка боти” блокланган.
«Бу Телеграм раҳбарияти эълон қилган қоидалар ва оммавий баёнотларга зид равишда содир бўлди», деган Украина разведкаси. Улар бот блокланганига қарамай, фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотлари хавфсиз эканлигини таъкидладилар. БРБнинг қўшимча қилишича, Россия ўхшаш номли ботларни яратмоқда.
Шарҳлар