Дуров Telegram’га Apple ва Google томонидан бўлаётган босим ҳақида гапирди

Фото: секрет фирмы

Telegram асосчиларидан бири ва бош директори Павел Дуров мессенжерга энг катта босим ҳукумат томонидан эмас, балки Американинг Apple ва Google корпорациялари томонидан бўлаётганини айтди. Тадбиркорнинг сўзларига кўра, ушбу компаниялар Telegram раҳбариятидан уларнинг тавсияларига риоя қилишни кўп бора талаб қилган, деб ёзади “Коммерсантъ”.

“Гап сўз эркинлигига келганида, ушбу икки платформа ўз смартфонингизда ўқишингиз мумкин бўлган ҳамма нарсага цензурани пеш қилиши мумкин”, — деди Дуров америкалик журналист Такер Карлсонга берган интервьюсида.

Apple ва Google агар Telegram улар томонидан белгиланган қоидаларга риоя қилмаса, мессенжерни иловалар дўконидан олиб ташлашлари мумкинлигига аниқ равшан ишора қилади, деди Дуров. У ҳолда, дунё аҳолисининг катта қисми қимматли воситадан фойдаланиш имконини йўқотади, дея қўшиб қўйди у.

Дуров корпорацияларнинг баъзи талаблари мантиқли эканини таъкидлади. Масалан, зўравонлик, дискриминация ёки болаларга шафқатсиз муносабатда бўлиш акс этган контентни эълон қилиш билан боғлиқ тақиқ. Шу билан бирга, бошқа масалаларда Apple ва Google муросага келишдан бош тортмоқда. Шу сабабли, баъзан Telegram’нинг корпорациялар платформалари орқали тарқатилаётган версияларида контентнинг бир қисмини ўчиришга тўғри келмоқда, деди Дуров.

Шунингдек, у Америка платформаларига хавфсизлик борасида ишонч билдирмаслигини айтди. У учун хавфсизлик маълумотлар махфийлигини билдиради, АҚШ ҳукумати эса кузатувни эҳтиёт чораси сифатида изоҳлайди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.