The Times: Буюк Британия Россиянинг ядро қуролини йўқ қилишга қодир бўлган узоқ масофали ракеталарни ишлаб чиқишни режалаштирмоқда

Фото: Ведомости

Буюк Британия Россия ҳудудидан учирилган тактик ядро қуролларини йўқ қила оладиган 3200 километргача масофага учувчи узоқ масофали ракеталарни яратиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Британиянинг The Times газетаси дипломатик манбаларга таяниб хабар беради.

Нашрнинг ёзишича, Буюк Британия Германия билан янги қуролларни яратишда ҳамкорлик қилишни режалаштирмоқда. Германия ҳудудида жойлаштирилиши режалаштирилган ракеталар 2026 йилдан бошлаб жойлаштирилиши кутилаётган Америка ракеталарининг ўрнини босади. Дипломатик манбанинг айтишича, Европа ўз ракеталарини ишлаб чиқаётган пайтда АҚШ қуроллари “оралиқ бўғин” бўлиб хизмат қилади.

Аввалроқ Франция, Италия, Польша ва Германия узоқ масофали ракеталарни биргаликда ишлаб чиқишга келишиб олган эди. Бироқ The Times нашрининг ёзишича, Германия Буюк Британияни ҳам лойиҳага қўшилишга таклиф қилган ва Британия томони рози бўлган.

Газетанинг ёзишича, Буюк Британия ва Германия мудофаа вазирлари 24 июль куни Берлиндаги учрашувда бу масалани муҳокама қилган. Британия мудофаа доираларидаги манба ҳамкорликнинг турли вариантлари муҳокама қилинганини, аммо якуний қарор ҳали қабул қилинмаганини қайд этади. Буюк Британия ҳали икки томонлама ёки кўп томонлама ҳамкорликка киришиш ҳақида бир қарорга келмаган.

Учрашувда Буюк Британия ва Германия мудофаа вазирлари қўшма декларацияни имзолади, унда улар “узоқ масофага таъсир кўрсатиш имкониятлари соҳасида” ишлаш ниятида эканликларини билдиришган.

Шунингдек, дипломатик манба Россия президенти Владимир Путин ва бошқа россиялик расмийларнинг сўнгги баёнотлари Россия томонидан тактик ядро қуролини қўллаш чегараси пасайтирилганидан далолат беришини, бу эса жиддий хавотир уйғотаётганини таъкидлади.

 

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.