Толибон Қозоғистонда тақиқланган ташкилотлар рўйхатидан чиқарилди

Фото: Sefa Karacan / Anadolu Agency

Қозоғистон ҳукумати Толибонни тақиқланган ташкилотлар рўйхатидан чиқаришга қарор қилди. Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Айбек Смадияров “Kazinform” нашри мухбири билан суҳбатда маълум қилган.

– Нега бундай қарор қабул қилинди?

— Мамлакат Қозоғистон Республикасида тақиқланган террористик ташкилотларнинг миллий рўйхатини янгилаш мақсадида мунтазам равишда аудит ўтказади. Ушбу жараён доирасида БМТ амалиётига кўра Толибонни ундан чиқариб ташлаш тўғрисида қарор қабул қилинди. Шундай қилиб, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг мажбурий резолюцияларига кўра, Толибон ҳаракати БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан террорчи деб тан олинган ташкилотлар рўйхатига киритилмаган.

— Қозоғистон ва Толибон ўртасидаги дипломатик алоқалар қандай ривожланади?

— Сиёсий алоқаларга келсак, Қозоғистон хавфсизлик кенгаши ва БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган қарор ва резолюцияларга бундан кейин ҳам қатъий риоя қилишини таъкидламоқчиман.

Толибон ҳаракати 1986-87 йилларда пайдо бўлганини эслайлик. Дунёнинг кўплаб мамлакатларида у тақиқланган террорчилик ташкилоти сифатида тан олинган. Толибон Афғонистонни 1996 йилдан 2001 йилгача бошқарган. Ҳаракат 2021 йилда АҚШ қўшинлари мамлакатдан чиқиб кетганидан кейин ҳокимият тепасига қайтди.

Толибон афғон армияси позицияларига қарши ҳужум бошлади ва август ойига келиб Афғонистон ҳудудининг катта қисми устидан назорат ўрнатди ва 15 августда мамлакат пойтахти Кобулни эгаллаб олди ва Афғонистон устидан тўлиқ назоратни эълон қилди.

Толибон турли давлатлар, жумладан, Қозоғистон билан дипломатик алоқалар ўрнатишга, жаҳон ҳамжамияти олдида ўзини тиклашга ҳаракат қилмоқда. Улар энг яқин қўшнилари билан фаол савдо алоқаларини ўрнатмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.