Тожикистон ТИВ “Крокус”даги терактни тергов қилишда қийноқларга йўл қўйилмаслиги кераклигини билдирди
Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари “Крокус сити холл” концерт залидаги терактни тергов қилишда қийноқлардан фойдаланмасликлари керак. Бу ҳақда Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин Мухриддин МДҲ ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилишида билдирди, дея хабар беради “Азия-Плюс” нашри.
Сиёсатчи Россия ҳуқуқ-тартибот идораларининг ходимлари халқаро стандартлар ва ўз қонунчилиги талабларига риоя қилишлари кераклигини эслатган.
Мухриддин, шунингдек, Тожикистон “Крокус”даги теракт ташкилотчилари, ижрочилари, шериклари ва буюртмачилари жазоланишини кутишини айтди.
12 апрель куни тушдан кейин Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров МДҲ Ташқи ишлар вазирлари кенгаши мажлисида иштирок этган барча делегациялар “Крокус Сити Холл”даги концертда юз берган теракт муносабати билан Россия ва унинг халқи билан бирдам эканликларини тасдиқлаганликларини айтганди.
“Крокус”даги теракт 22 март куни содир бўлди. “Пикник” гуруҳи чиқишидан олдин залга қуролланган одамлар бостириб кириб, томошабинларга қарата ўт очган. Шундан сўнг портлашлар содир бўлган ва ёнғин чиққан.
Шарҳлар