Трамп Флоридадаги қароргоҳида Венгрия бош вазири билан учрашди
АҚШнинг 45-президенти Дональд Трамп ва Венгрия бош вазири Виктор Орбан Флорида штатидаги Мар-а-Лаго қароргоҳида учрашди, деб хабар беради “Коммерсантъ”. Суҳбат қарийб бир соат давом этганини Венгрия бош вазири матбуот котиби маълум қилди.
Музокаралар Трамп ва Орбаннинг энг яқин ходимлари билан биргаликда ўтказилган. Учрашувдан сўнг зиёфат ва концерт ташкил қилинган.
Венгрия аввалроқ учрашувда Украинадаги вазият ва икки томонлама алоқалар муҳокама қилинишини айтганди. Орбан 7 март куни Вашингтонда бўлиб, Heritage Foundation консерватив тадқиқот марказида нутқ сўзлаган. Венгрия бош вазири АҚШга Оқ уй таклифи билан келмаган.
Дональд Трамп ва Виктор Орбан учинчи марта шахсий учрашув ўтказмоқда. Венгрия бош вазири АҚШнинг амалдаги президенти Жо Байден билан бирор марта учрашмаган.
Аввалроқ ушбу учрашув АҚШнинг иттифоқдошлари орасида Трамп президент лавозимига қайтиши эҳтимоли юзасидан хавотирни кучайтириши, собиқ президент сайловолди пойгаси чоғида “ташқи сиёсат масалаларига тобора кўпроқ таъсир ўтказаётгани”ни таъкидлаб кўрсатиши айтилган эди.
Шарҳлар