Покистонда талаба WhatsApp орқали юборган хабарлари учун ўлим жазосига ҳукм қилинди

Покистонда суд WhatsApp мессенжери орқали юборилган хабарлари туфайли 22 ёшли талабани шаккокликда айблаб, ўлим жазосига ҳукм қилди, деб хабар беради BBC. Панжоб вилояти суди судланувчи мусулмонлар диний ҳис-туйғуларини ҳақоратлаш мақсадида фотосурат ва видеолар билан бўлишган, деб топди.

Шу иш бўйича 17 ёшли ўспирин умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Уларнинг иккаласи ҳам айбловларни рад этмоқда. Покистонда шаккоклик ёки динни таҳқирлаш ўлим билан жазоланади. Баъзи гумонланувчилар ишлари судга оширилишидан олдинроқ оломон қилиб ўлдирилган.

Йигитларнинг адвокатлари улар “қопқонга тушиб қолгани”ни даъво қилмоқда. Ўлимга ҳукм этилган йигитнинг отаси Лаҳор Олий судига апелляция беришини маълум қилган.

Шаккокликка қарши қонунлар биринчи марта Ҳиндистоннинг британиялик ҳукмдорлари томонидан ўрнатилган ва 1980-йилларда Покистон ҳарбий ҳукумати даврида кенгайтирилган.

Нашр эслатишича, ўтган йил августида Покистон шарқидаги Жаранвала шаҳрида икки нафар насроний Қуръонни таҳқирлашда айбланганидан кейин ўнлаб черковлар ва уйларга ўт қўйилган эди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.