Трамп сайловда ғолиб бўлса, Илон Маскни ўзига маслаҳатчи қилиб ишга олмоқчи
Tesla ва SpaceX эгаси Илон Маск Дональд Трамп кузда АҚШ президенти сайловида ютиб чиққан тақдирда унинг маслаҳатчисига айланиши мумкин, деб ёзади “РБК”.
The Wall Street Journal газетаси маълумотларига кўра, Трамп ва Маск шундай имкониятни муҳокама қилган. Манбалар айтишича, Маскнинг консультант сифатидаги роли тўлиқ белгиланмаган ва бу амалга ошмаслиги ҳам мумкин. “Маскка чегаралар хавфсизлиги ва иқтисод билан боғлиқ сиёсат борасида расмий нуфузни тақдим этиш” йўллари муҳокама қилинган. Ушбу масалалар бўйича тадбиркор “янада фаоллашган”, дейилади хабарда.
Илон Маск 2022 йил кузида Twitter ижтимоий тармоғини сотиб олгач, 2021 йил январида Капитолийга ҳужум туфайли муддатсиз блоклаб қўйилган Трампнинг аккаунтини қайта тиклади. Маск фойдаланувчилар орасида ўтказилган сўровдан кейин буни амалга оширди ҳамда АҚШ собиқ президенти аккаунтининг блокланиши хато бўлганини айтди.
22 май куни Маск АҚШ президентлигига мустақил номзод кичик Роберт Кеннедининг Трамп ва Жо Байденнинг ўзи иштирокидаги дебатларига бошловчилик қилиш таклифига рози бўлди. Байден ва Трампнинг илк сайловлолди дебатлари 27 июнь куни бўлиб ўтади, 10 сентябрга иккинчи раунд режалаштирилган.
Шарҳлар