Трамп ўзининг Флоридадаги қароргоҳида Нетаньяхуни қабул қилди

Фото: DW

Республикачилар партиясидан президентликка номзод Дональд Трамп 26 июль куни Флоридадаги Мар-а-Лагодаги қароргоҳида Исроил бош вазири Бинямин Нетаньяхуни қабул қилди. Бу ҳақда DW хабар беради.

Учрашувда Трамп Оқ уйга қайтса, Яқин Шарқда тинчлик ўрнатишга интилиши ва АҚШ университетларида антисемитизмга қарши фаол кураш олиб боришини айтди.

Бу баёнотлар Трампнинг аввалроқ Ғазо секторидаги гуманитар вазиятдан хавотир билдирган вице-президент Камала Харрисни танқид қилишлари фонида янграган. Трамп унинг сўзларини “ҳурматсизлик” деб атади ва Харрисни яҳудий электорати қўллаб-қувватлашига шубҳа билдирди.

Нетаньяху, ўз навбатида, унинг АҚШга ташрифи Хамас томонидан гаровга олинган исроилликларни тезроқ озод қилишда ёрдам беришига умид билдирди. Бош вазир Вашингтонга Эронга қарши ҳарбий иттифоқ тузишни ҳам таклиф қилди. Кеча Оқ уйда президент Жо Байден ва вице-президент Камала Харрис билан учрашувда Нетаньяху минтақада Эрон томонидан қўллаб-қувватланаётган кучларга қарши курашиш муҳимлигини таъкидлаб, Ғазонинг тинч аҳолисини атайлаб нишонга олиш айбловларини рад этганди.

Байден, ўз навбатида, тезда ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришиш ва Ғазо секторида инсонпарварлик ёрдамини ошириш муҳимлигини таъкидлаб, Исроил хавфсизлигини сўзсиз қўллаб-қувватлашини тасдиқлади. Харрис эса антисемитизм кучайишига қарши глобал курашиш зарурлигини қайд этди.

 

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.