Гольф-клубда Дональд Трампга нисбатан суиқасд уюштирилди
Флорида штати Уэст-Палм-Бич шаҳридаги гольф-клубда АҚШ президентлигига номзод Дональд Трамп нишонга олинди, деб ёзади “Коммерсантъ”. Федерал қидирув бюроси ушбу ҳодиса Трампга нисбатан суиқасд сифатида тергов қилинаётганини тасдиқлади. Гумонланувчи қўлга олинган.
Гольф-клубни нишонга олган шахс Трампдан 500 метрдан камроқ масофада турган. У милтиқ оғзини Трампнинг гольф-клубига қаратган, ўша пайтда собиқ президент гольф майдонида бўлган. АҚШ Махфий хизмати ўт очган, шундан сўнг эркак қочиб кетган. Кейинроқ у ушланган. Воқеа жойида АКга ўхшаш милтиқ топилган.
Бу пайтда қўриқлов хизмати Трампни хавфсиз жойга олиб ўтган. Жами тўрт марта ўқ узилгани айтилмоқда. Собиқ президент аҳволи яхши эканини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, Дональд Трампга нисбатан июль ўрталарида Пенсильваниядаги сайловолди митингида ҳам суиқасд уюштирилган эди. Ўшанда 20 ёшли Томас Мэттью Крукс трибунадан 120 метр масофадаги бино томида туриб, унга ўқ узган, Трамп қулоғидан яраланган эди. Митинг иштирокчиларидан бири ҳалок бўлиб, яна икки киши яраланганди. Ўт очган шахс эса Махфий хизмат снайпери томонидан отиб ўлдирилганди.
Шарҳлар