Туркманистонда давлат ишида ишлайдиган фуқароларни ота ва ўғил Бердимухамедовларнинг сурати туширилган қўл соатларини сотиб олишга мажбурлашмоқда

Фото: Хроники Туркменистана

Туркманистоннинг Болқон вилояти бюджет ташкилотлари раҳбарлари мамлакат президенти Сардор Бердимуҳамедов ва унинг парламентга раҳбарлик қилаётган отасининг портретлари туширилган эсдалик қўл соатларини сотиб олишга мажбур бўлди. Бу ҳақда республикадаги манбаларга таяниб “Азатлык” хабар беради.

Нашрнинг ёзишича, эсдалик соатларининг нархи 1500 дан 3000 манат атрофида бўлган. Маҳсулотларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, шунингдек, соғлиқни сақлаш, таълим, транспорт, алоқа соҳаларидаги вилоят ва этрап даражаларидаги ташкилотлар раҳбарлари харид қилиши керак.

“Директорлар, мактаблар ва қишлоқ врачлик пунктлари раҳбарлари 1500 манатга, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари раҳбарлари, шифохоналар бош шифокорлари ва бошқа йирик давлат идоралари раҳбарлари эса 3000 манатлик соат сотиб олишлари керак бўлади”, – дейди давлат органларидан бирининг ходими.

Оммавий ахборот воситалари маҳсулотнинг ташқи тавсифини беради. Қимматроқ версияда Бердимуҳамедовнинг отаси ва ўғлининг думалоқ суратлари циферблатда, Туркманистон байроғи 12 рақамида, республика харитасининг контури эса “олти” рақамида жойлашган. Арзонроқ соатларда бир хил элементлар тасвирланган, лекин иккита портрет ўрнига фақат битта – мамлакат президенти тасвирланган.

“Азатлык” суҳбатдошларининг қўшимча қилишича, худди шундай “эсдалик совғалари” мамлакатнинг биринчи раҳбари Сапармурод Ниёзов даврида ҳам чиқарилган. Бироқ, кейин унинг сурати туширилган соатлар деярли ҳамма – амалдорлардан тортиб мактаб ўқувчиларигача бепул тарқатилган. Манба киноя билан айтадики, агар Сердар Бердимуҳамедов шу йўлдан боришда давом этса, тез орада Туркманистоннинг ҳамма жойида президентга ҳайкаллар ўрнатилади.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.