Кулеба: F-16 қирувчилари Украина осмонида ёз ўрталарида пайдо бўлади
F-16 қирувчи самолётлари Украина осмонида келаётган ёз ўрталаридаёқ пайдо бўлиши керак, ҳозирча ҳаммаси режа бўйича кетмоқда. Бу ҳақда Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба Варшавадаги брифингда айтиб ўтди, деб ёзади BBC.
“Дастлаб F-16 Украина осмонида ёз ўрталарида пайдо бўлиши режалаштирилган эди. Айни пайтда ҳаммаси режа бўйича кетмоқда. Бироқ, албатта, бу жуда мураккаб ва чалкаш масала, шунинг учун ҳамма нарса ўзгариб кетиши мумкинлигини ҳеч қачон билиб бўлмайди. Аммо айни пайтда график шунақа. Мендаги маълумотларга кўра, учувчиларни тайёрлаш яхши бормоқда”, — деди ташқи ишлар вазири.
У Украинанинг учувчилар ва муҳандисларни тайёрлаётган шерикларининг ролини алоҳида таъкидлаб ўтди.
“Албатта, нафақат учувчилар, балки муҳандислар ва техник ходимлар учун ҳам янада кўпроқ машғулотлар талаб этилади, чунки совет туридаги самолётлардан Ғарб туридаги самолётларга ўтиш ҳамма нарсада, таълимда, логистикада, ҳаво жанги фалсафасида ва бошқа кўплаб унсурларда жиддий ўзгаришларни талаб этади”, — дея қўшиб қўйди Кулеба.
Аввалроқ жорий ёзгача, Дания, Буюк Британия ва АҚШда 10 ойлик тайёргарликдан ўтган 12 нафар украиналик учувчи F-16 қирувчи самолётларини бошқаришга тайёр бўлиши хабар берилган эди.
Дания, Нидерландия, Норвегия ва Бельгия Украинага 45 га яқин қирувчи самолёт жўнатишга ваъда беришди – бу учта кичик эскадрилья учун етарли. Дания биринчи олтита F-16 ни баҳор охиригача юборишга ваъда берди, яна 13 таси йил охиригача ва 2025 йилда етиб бориши керак. Бошқа мамлакатлар этказиб бериш саналари ҳақида ҳали ҳам бир қарорга келмаган.
Шарҳлар