,

Украина Ил-76 ҳалокати юзасидан халқаро суриштирув олиб борилишини талаб қилади — Зеленский

Фото: Getty Images

Украина Ил-76 самолёти ҳалокати юзасидан халқаро суриштирув олиб борилишини талаб қилиб туриб олади, деди Украина президенти Владимир Зеленский ўзининг халққа қаратилган ҳар кунги анъанавий мурожаатида. Шу билан бирга, у самолётни ким уриб туширган бўлиши мумкинлигини айтмади.

Зеленскийнинг айтишича, у Украина қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний, мудофаа вазири Рустем Умеров, Разведка бош бошқармаси раҳбари Кирилл Буданов, Украина хавфсизлик хизмати раҳбари Василий Малюк ва Украина қуролли кучлари бош штаби бошлиғи Сергей Шапталанинг ҳисоботларини тинглаган.

Украина президенти “россияликлар украиналик асирлар ҳаёти билан, қон-қариндошлар ҳис-туйғулари билан ва жамиятимиз ҳиссиётлари билан ўйнашаётгани”ни айтди.

“Аниқ фактларнинг барчасини белгилаб олишимиз керак. Самолёт Россия ҳудудига қулаб тушгани ва бизнинг назоратимиздан ташқарида бўлганини ҳисобга олган ҳолда, имкони борича”, — дея таъкидлади Зеленский.

Разведка бош бошқармаси президент кўрсатмаси билан, Россия томони баёнотига кўра, қулаб тушган самолёт бортида бўлган барча асирлар тақдирини аниқлаштириш билан шуғулланмоқда. Украина хавфсизлик хизмати ҳалокат юз берган ҳолатни ўрганмоқда.

“Украина ташқи ишлар вазирига Украинада мавжуд бўлган маълумотлар ҳақида шерикларимизга хабар беришни топширдим. Давлатимиз халқаро текширув олиб борилишини қатъий талаб қилади”, — деди Владимир Зеленский.

Ил-76 ҳарбий-транспорт самолёти 24 январь куни эрталаб Белгород вилоятида ҳалокатга учраган эди. Россия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, бортда 74 киши бўлган: Украина қуролли кучларининг 64 нафар асирдаги ҳарбийлари, олти нафар экипаж аъзоси ва уч нафар ҳамроҳлик қилувчи шахслар. Белгород губернатори Вячеслав Гладков уларнинг барчаси ҳалок бўлганини билдирди.

Россия Мудофаа вазирлиги маълумотлари бўйича, самолёт Харьков вилоятининг Липци аҳоли пункти ҳудудидан зенит-ракета мажмуаси ёрдамида ҳужумга учраган. Россия ТИВ ҳодисани теракт деб атади ва жавобгарликни Украинага юклади. Давлат думасининг мудофаа бўйича қўмитаси раҳбари Андрей Картаполов маълум қилишича, 24 январь куни Россия ва Украина ўртасида “192 га 192” формуласи бўйича асирлар билан айирбошлаш бўлиб ўтиши керак эди: Ил-76 да 65 киши бўлган, қолганлар иккинчи самолётда юборилган, аммо у ҳалокатдан кейин ортга қайтарилган; унинг фикрича, Ил-76 Украина томонидан “бу айирбошлашувни йўққа чиқариб, сўнг бунда Россияни айблаш учун” уриб туширилган.

Украина ҳарбий разведкаси 24 январга асирлар алмашинуви белгиланганини тасдиқлади. Аммо Украина асирлар қайси йўналиш билан ва қай тарзда етказилиши ҳақида хабардор қилинмаган, шунингдек, Белгород ҳаво ҳудудида хавфсизликни таъминлаш зарурлиги ҳақида огоҳлантирилмаган, “авваллари эса бир неча марта шундай қилинган”.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.