НАТО саммитида 20 дан ортиқ мамлакат етакчилари “Украина шартномаси”ни имзолади

Foto: Reuters

Вашингтондаги НАТО саммитида Украина ва 20 дан ортиқ мамлакат “Украина шартномаси” номли ҳужжатни имзолади, матн Еврокомиссия сайтида эълон қилинди, деб ёзади “РБК”.

Шартномада айтилишича, Украина хавфсизлиги — Евроатлантика минтақаси ва дунёнинг бошқа қисмлари хавфсизлигининг ажралмас бўлагидир, Киев “ғалаба қозонмагунига қадар” кўмак олиб туради. Бундан ташқари, ҳужжатда Украинанинг “хавфсизлик механизмлари”ни мустақил танлаш ҳуқуқи эътироф этилган.

Шартномани имзолаганлар Украинанинг мудофаа ва хавфсизлик соҳасидаги шошилинч эҳтиёжларини қўллаб-қувватлаш, УҚКни модернизация қилиш бўйича саъй-ҳаракатларни тезлаштириш, шунингдек, “бўлғуси ҳужум” юз берган тақдирда, Украинага ёрдам бериш мажбуриятини ўз зиммасига олди.

Ҳужжатда уни имзолаган мамлакатлар икки марта санаб ўтилган, аммо иккала ҳолатда уларнинг сони икки хил. Биринчи хатбошида 21 та давлат тилга олинган: АҚШ, Белгия, Канада, Дания, Эстония, Финляндия, Франция, Германия, Исландия, Италия, Япония, Латвия, Литва, Люксембург, Нидерландия, Норвегия, Польша, Португалия, Испания, Швеция, Буюк Британия, шунингдек, Украина, Европа кенгаши ва Европа комиссияси. Матн охирида эса 23 та мамлакат саналган, яъни Чехия ва Словения қўшилган.

НАТО аъзолари орасида Албания, Болгария, Венгрия, Греция, Шимолий Македония, Руминия, Словакия, Туркия, Хорватия ва Черногория ҳужжатни имзоламаган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.