Украина ва Польша товарлар савдоси учун чегарани вақтинча ёпиши мумкин
Польша Украина билан чегарасини вақтинча ёпиши ва савдо алоқаларини тўхтатиши мумкин. Бу ҳақда бош вазир Дональд Туск билдирди.
“Биз Украина томони билан чегарани вақтинча ёпиш ва савдони тўхтатиш бўйича музокаралар олиб бормоқдамиз. Бу вақтинчалик ечим ва ҳар икки томон учун оғриқли бўлади <…> Польша Украина билан савдо балансида профицитга эга. Биз кўпроқ сотамиз”, – деди Туск.
Унинг таъкидлашича, бу имконият 29 февраль куни норозилик билдирган польшалик фермерлар билан музокараларда муҳокама қилинади.
Польша бош вазири чегара масаласида «қатъий» қарорлар қабул қилишга тайёрлигини, бироқ уларни Украина билан мувофиқлаштиришини қўшимча қилди.
“Мен қийин ва қатъий қарорлар қабул қилишга тайёрман. Украина билан чегарага келсак, кераксиз кескинлик бўлмаслиги учун доим Киев билан маслаҳатлашилади. Аммо биз узоқ муддатли ечим топишимиз керак”, – дейди Бош вазир.
Февраль ойи бошида польшалик фермерлар бутун мамлакат бўйлаб 300 га яқин аҳоли пунктларида йўлларни тўсиб қўйган эди. Шунингдек, улар Польша-Украина чегарасидаги назорат-ўтказиш пунктларида транспорт ҳаракатига тўсқинлик қила бошлашди. 21 февраль куни президент Зеленский Украина ҳукуматига 24 февралгача Польша билан чегарада қолишни буюрган эди. Украина раҳбари Польша президенти ва бош вазирига мурожаат қилиб, уларни ҳам мулоқотда қатнашишни сўради.
Украина ва Польша расмийларининг чегарадаги учрашуви бўлиб ўтмади. Польша делегацияси музокараларга келмади. Тускнинг фикрича, Польша-Украина чегарасининг тўсилиши билан боғлиқ вазиятда томонлар барча жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда ечим топиши керак, чунки мамлакатлар ўртасидаги жанжал уларнинг ҳеч бирига фойда келтирмайди.
Шарҳлар