Украинада 365 та ўқув муассасаси бутунлай вайрон бўлган
Россиянинг Украинага қарши уруши оқибатида шу пайтга қадар 3798 та ўқув муассасаси отишмалар ва бомбардимонлар туфайли зарар кўрган бўлиб, шуларнинг 365 таси бутунлай вайрон бўлган. Бу ҳақда Украинада ўқув йилининг биринчи куни (2 сентябрь) Олий раданинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Дмитрий Лубинец ўз Telegram-каналида маълум қилди, деб ёзади DW.
У Россия “у ерда болалар борлигини билиб турган бўлса ҳам, ўқув муассасалари — болалар боғчалари, мактаблар, университетларни атайлаб нишонга олаётгани”ни таъкидлади. Украина омбудсмани бутун дунёда ўқувчилар таълим олаётган бир пайтда украиналик болалар бошпаналарда ва масофадан туриб ўқишга мажбур бўлаётганини қайд этди.
“Дунё яна қачонгача бунга кўз юмади?! Россиянинг жиноий террори яна қанча вақт болаларнинг таълим олиш ҳуқуқини поймол қилади?! Биз душманни тўхтатишимиз керак!” — дея Лубинец Ғарб мамлакатлари ҳукуматларига даъват қилди.
Украина президенти Владимир Зеленский, ўз навбатида, ўқувчилар ва педагогларни “урушга қарамасдан, барча қийинчиликларга қарамасдан” бошланаётган янги ўқув йили билан табриклади. “Барча мактабларимизнинг, барча олий таълим муассасаларимизнинг бугунги кунда ишлаб тургани — халқимизнинг иродаси ва Украинанинг кучидан дарак беради”, — деди у.
Шарҳлар