“Вазият жуда мураккаб”. УҚК янги бош қўмондони Сирский Авдеевка ва Купянск йўналишларидаги ҳолат ҳақида

Украина Қуролли кучларининг янги бош қўмондони Александр Сирский мудофаа вазири Рустем Умеров билан биргаликда Авдеевка ва Купянск йўналишларидаги фронтда бўлишганини билдирди – у ерда Россия ҳарбийлари фаол ҳужум уюштиришга ҳаракат қилмоқда.

Оператив ҳолат жуда мураккаб ва кескин. Рус босқинчилари ўз саъй-ҳаракатларини оширишда давом этмоқда, улар жангчилар сони бўйича устунликка эга. Йўқотишларни ҳисобга олишмайди ва «гўштли ҳужумлар» тактикасини қўллашда давом этишмоқда, – дейилади бош қўмондон баёнотида.

“Биз [Мудофаа вазири билан] биргаликда қўшинларимизнинг мавжуд ресурслари ва эҳтиёжларини таҳлил қилдик. Иш натижаларидан келиб чиқиб, мен ҳарбий қисмларимизнинг жанговар қобилиятини мустаҳкамлаш ва душман ҳаракатларининг олдини олишга қаратилган бир қатор муҳим қарорларни қабул қилдим”, — дея қўшимча қилади Сирский қандай қарорлар ҳақида гапираётганига аниқлик киритмасдан.

Авдеевка – Донецк вилоятидаги кичик шаҳарча бўлиб, Россия қўшинлари уни 2022 йил февралидан бери босиб олишга муваффақиятсиз уринишмоқда.

5 февраль куни Украинанинг нуфузли DeepState таҳлилий портали бу ҳудудда вазият ёмонлашаётгани ҳақида хабар берганди, украиналик ҳарбий таҳлилчи Михаил Жирохов Украина Қуролли кучлари ё гарнизонни кучайтириши ёки гуруҳни аста-секин шаҳардан олиб чиқиб кетиши кераклигини таъкидлаганди.

Бундан ташқари, январь ойи охирида Россия томони Харьков вилоятининг Купянск йўналишидаги учта кичик қишлоқни эгаллаб олганини маълум қилди (Киев бу маълумотни тасдиқламади).

У ерда россиялик ҳарбийлар Оскол дарёсига чиқишга ҳаракат қилмоқда ва бир неча ойдан бери Купянскдан атиги саккиз километр узоқликда жойлашган Цинковка қишлоғига ҳужум қилишмоқда.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.