Венгрия Европа Иттифоқининг Украинага 50 млрд евро ажратиш қарорига изоҳ берди
Европа Иттифоқининг (ЕИ) Украинага 50 миллиард евро ажратиш ҳақидаги қарори Венгрияни қониқтиради. Бу ҳақда Венгрия ташқи ишлар вазири Петер Сийярто VRT телеканалига берган интервьюсида маълум қилди, суҳбатдан бир парча унинг Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифасида эълон қилинди.
Сийяртонинг айтишича, Будапештда Европа Иттифоқининг Киевга 50 миллиард евро ажратиш ҳақидаги қарорини қўллаб-қувватламаслик учун асос йўқ. Унинг сўзларига кўра, Венгрия учун Европа фондларидан мамлакат учун мўлжалланган маблағлар Украинага ўтказилмагани, шунингдек, Украина томонидан маблағларнинг сарфланишини назорат қилиш механизми яратилгани муҳим эди.
Аввалроқ Венгрия бош вазири Виктор Орбан Украинага янги ёрдам пакетини изоҳлар экан, 50 миллиард евро қуролли кучларга қурол сотиб олиш учун эмас, балки мамлакат иқтисодиётини қўллаб-қувватлаш учун зарурлигини айтган эди. Унинг қўшимча қилишича, молиявий ёрдам бўлмаса, украиналиклар пенсия ва бошқа тўловларни ололмайди.
Шарҳлар