Владимир Зеленский Россия Украинадаги иссиқлик генерациясининг 80 фоизини йўқ қилганини билдирди
Украинани қайта тиклаш бўйича Берлин конференцияси очилишида сўзга чиққан Владимир Зеленский Германия ҳукуматига яқин 3-4 ой ичида Германияда аллақачон тўхтатилган электр станцияларининг энергетика ускуналарини Украинага беришларини сўраб мурожаат қилди, деб ёзади “Суспiльне”.
Украина президенти ўз нутқида энергетика соҳасини йўқ қилиш Россия босқинчилигининг бир қисми сифатида асосий мақсадларидан бири эканлигини таъкидлади, чунки “Путин ўз ҳокимиятининг биринчи йиллариданоқ энергия ресурслари ва энергия истеъмолига қурол, куч, таъсир қилиш ва халқни забт этиш воситаси сифатида қарайди ”.
Зеленскийнинг сўзларига кўра, Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши бошланганидан бери иссиқлик генерациясининг 80 фоизига яқини ва гидроэнергетиканинг учдан бир қисми йўқ қилинган.
“Россия ракеталари ва дронларининг зарбалари натижасида 9 гигаватт қувват аллақачон йўқ қилинган. Шу билан бирга, ўтган қишда электр энергияси истеъмолининг энг юқори кўрсаткичи кунига 18 гигаваттни ташкил қилди”, — дея қўшимча қилади Зеленский.
Россия қўшинлари мунтазам равишда Украина энергетика объектларига зарбалар бермоқда. 2024 йил баҳоридан буён бундай ҳужумлар кўпайган. 1 апрель куни Харьков раҳбари Игор Терехов шаҳардаги деярли бутун энергетика инфратузилмаси вайрон бўлганини айтди. 11 апрелга ўтар кечаси берилган зарба натижасида Киев областидаги энг кучли электр станцияси бўлган Триполье иссиқлик электр станцияси бутунлай вайрон бўлган.
Шарҳлар