Зеленский: Украина ва Россия ўртасида фақат АҚШ, Хитой ёки Евроиттифоқ воситачи бўлиши мумкин
Россия ва Украина ўртасидаги воситачи ролини АҚШ, Хитой ёки Европа иттифоқи бажариши мумкин, дея маълум қилди Украина президенти Владимир Зеленский Полша бош вазири Дональд Туск билан учрашувдан кейин ташкил қилинган матбуот анжуманида. Зеленский бундай фикрни Киев ва Москва ўртасида Венгрия бош вазири Виктор Орбан воситачи бўлиши мумкин ёки йўқлиги ҳақида берилган саволга жавобан айтиб ўтди, деб ёзади DW.
Воситачилар фақат “жиддий, кучли иттифоқчилар бўлиши мумкин, бутун дунё Россияни бу урушни тўхтатишга мажбурлай олади”, деди Зеленский. “Россияга таъсир ўтказадиган ёки Россия ва Путин боғлиқ бўлган иқтисодиёти бўлиши керак, ёки Путин қўрқадиган, Россияникидан кучлироқ жуда қудратли армияси бўлиши керак. Дунёда бундай мамлакатлар кўпми? Кўп эмас. Ўйлашимча, АҚШ — шундай мамлакат… ва Хитой ва Евроиттифоқ (Евроиттифоқнинг қандайдир битта мамлакати эмас, балки бутун иттифоқнинг ўзи), — деди Зеленский.
У Россияга қандай босим ўтказиш ва Путинни қандай тўхтатиш борасида таклифлар билдирганини, энди бунинг учун барча саъй-ҳаракатларни бирлаштириш зарурлигини таъкидлади. “Чунки у кучсизларни ҳурмат қилмайди”, — деди Украина президенти.
Шунингдек, Зеленский Венгрия бош вазири Киевда у билан учрашгач, Москвага жўнаб кетишидан хабари бўлмаганини айтди, аммо бу Орбаннинг “мустақил танлови” эканини қўшиб қўйди. “У воситачи бўлиши эҳтимолига келсак… Россия ва Украина ўртасида воситачилик йўқ”, — деди Зеленский.
Шарҳлар