Windows дастуридаги носозлик дунё бўйлаб 8,5 миллионта қурилмага таъсир қилган
Microsoft компаниясининг киберхавфсизлик соҳасидаги CrowdStrike дастури билан боғлиқ глобал IT-носозлик Windows операцион тизими ўрнатилган қурилмаларнинг 1 фоиздан камроғига таъсир кўрсатган, деб ёзади “Коммерсантъ”. Компания ҳисоб-китобларига кўра, гап 8,5 миллионта қурилма ҳақида бормоқда.
“Фоиз кичик бўлишига қарамасдан, жиддий ижтимоий ва иқтисодий оқибатлар шуни кўрсатмоқдаки, CrowdStrike’дан ўта муҳим хизматларни тақдим этувчи ташкилотлар фойдаланади”, — дейилади Microsoft блогида. Компания таъкидлашича, дастурий таъминотнинг янгиланиши “баъзан узилишларга олиб келади”, аммо бундай кўлам — камдан-кам юз берадиган ҳолатдир.
Америка корпорацияси ҳодиса Microsoft фаолиятига тўғридан тўғри алоқадор эмаслигига эътибор қаратди, чунки узилиш Crowdstrike дастурий таъминотидаги янгиланиш туфайли юзага келган. Бироқ бу унинг экотизимига тегишли бўлгани сабабли, корпорация муаммони бартараф этиш устида ишлаган.
19 июль, жума куни бутун дунё бўйлаб кўпчилик компанияларнинг Windows’да ишлайдиган компьютерлари юкланмай қолди. Бунга Crowdstrike компанияси дастурининг янгиланмаларидан биридаги нуқсон сабаб бўлди. Шу билан бир вақтда Microsoft Azure “булутли” сервисининг конфигурациялари ўзгариши туфайли, ўзининг бир қатор “булутли” сервисларидан фойдаланиш билан боғлиқ муаммолар ҳақида маълум қилди, шу жумладан, Microsoft Team мессенжери, Microsoft Defender антивируси ва Microsoft 365 компонентлари ишламай қолган.
Носозлик бутун дунё бўйлаб минглаб рейсларнинг кечикишига олиб келди, биржа, банк, касалхона ва телеканалларда муаммолар юзага келди.
Шарҳлар