WP: АҚШ Махфий хизмати Трампни очиқ осмон остида митинглар ўтказишдан воз кечишга чақирди
АҚШ Махфий хизмати Дональд Трампга яқинда Батлер шаҳрида содир этилган суиқасддан сўнг очиқ ҳавода катта митинглар ўтказмасликни тавсия қилди, деб ёзади Washington Post манбаларга таяниб.
Агентлар бўлажак тадбирлар хавфсизлигидан хавотир билдирган ва минглаб одамларни сиғдира оладиган баскетбол майдончалари каби ёпиқ жойларни кўриб чиқишни таклиф қилган.
Трамп кампанияси катта очиқ тадбирларни режалаштирмаётганини тасдиқлади. Трампнинг сайловолди ташвиқоти вакили изоҳ беришдан бош тортди, Махфий хизмат вакили эса ўзларининг ҳимоя усулларини муҳокама қилмаслигини таъкидлади.
Батлер воқеаси АҚШда зўравонликлар кучайиши мумкинлиги ҳақида хавотир уйғотди, шу муносабат билан ҳозир тергов ишлари олиб борилмоқда.
Шундан сўнг, Қўшма Штатлар Эроннинг Трампга суиқасд уюштиришга тайёрланаётгани ҳақидаги гўёки разведка маълумотларини олгани маълум бўлди.
Шарҳлар