Украина Франция билан хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик ҳақида битим имзолади

Foto: AP

Украина ва Франция президентлари Владимир Зеленский ва Эммануэль Макрон 16 февраль куни кечқурун Парижда хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида икки томонлама келишув имзолади, деб ёзади “Коммерсантъ”.

Битимга мувофиқ, Франция 2024 йилда Украинага 3,24 миллиард евролик қўшимча ҳарбий ёрдам тақдим этади, аскарларни ўқитади ва кўпроқ қурол йўналтиради. Аввалроқ Украина Германия ва Буюк Британия билан ҳам шундай келишувлар имзолаганди.

Битимда айтилишича, Франция, бошқа шериклар каби, Украинага мудофаа салоҳиятини “НАТОга янада мослаштиришга” ёрдам беради. Гап Украинанинг мудофаа секторини ривожлантириш ва мамлакатнинг ҳарбий альянсга киришига имконият яратиш ҳақида бормоқда.

“Бу бизнинг Украинани узоқ истиқболда қўллаб-қувватлашга қатъий бел боғлаганимизни билдиради”, — деди Эммануэль Макрон Зеленский билан матбуот анжуманида. Унинг сўзларига кўра, келишув 2023 йил июлида Вильнюсдаги НАТО саммити доирасида G7 (Буюк Британия, Германия, Италия, Канада, Франсия, Япония ва АҚШ) форматида олинган мажбуриятларни конкретлаштиради.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.