Amnesty International Жапаровни “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонунга вето қўйишга чақирди

жапаров
Фото: Акипресс

Халқаро Amnesty International инсон ҳуқуқлари ташкилоти Жогорку Кенеш томонидан “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонун лойиҳасининг қабул қилиниши муносабати билан баёнот берди. Баёнотда қайд этилишича, қонуннинг қабул қилиниши уларни “чуқур ташвишга солмоқда”.

“Ўн йилдан кўпроқ вақт олдин биз бундай қонунлар фуқаролик жамиятини тизимли равишда демонтаж қилиш учун замин яратганини кўрдик. Бу ҳаракат нафақат бирлашиш эркинлиги ҳуқуқига путур етказади ва ННТлар мустақиллигига таҳдид солади, балки республиканинг бир вақтлар фаол бўлган фуқаролик жамияти тузилишига путур етказади”, – деган Amnesty International ташкилотининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича директори Мари Струзерс.

Ташкилот президент Садир Жапаровни қонун лойиҳасини имзоламасликка чақирган.

Жогорку Кенеш депутатлари 14 март куни бўлиб ўтган йиғилишда “хорижий вакиллар тўғрисида”ги (“хорижий агентлар тўғрисида”ги) қонун лойиҳасини шошилинч равишда охирги учинчи ўқишда маъқулладилар. Парламент аъзолари қонун лойиҳасини икки дақиқада ҳеч қандай муҳокамасиз қабул қилган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.