Россия қўшинлари Харьковдаги телеминорага зарба берди (видео)
Россия қўшинлари 22 апрель куни кундузи Украинанинг Харьков шаҳридаги телеминорага зарба берди, деб ёзади DW. Маҳаллий Telegram-каналлар вайрон бўлган бино фото ва видеотасвирлари билан бўлишмоқда. Ҳукумат маълумотларига кўра, ҳужум оқибатида ҳеч ким жабрланмаган.
Воқеа жойидан олинган лавҳаларда зарбадан кейин минора деярли икки букилиб қолганини, шундан кейин тепа қисми узилиб тушганини кўриш мумкин.
Дастлабки маълумотларга кўра, Харьков телеминорасига зарба Россиянинг Х-59 авиация ракетаси билан берилган. Харьков вилоят прокуратураси уруш қонунлари ва анъаналари бузилиши ҳолати бўйича суриштирув бошлаган.
“РИА Новости” қайд этишича, телеминорага, гўёки, Украина ҳаво ҳужумига қарши мудофаасининг алоқа антеннаси ўрнатилган бўлган. Аммо Россия Мудофаа вазирлиги зарба юзасидан изоҳ бергани йўқ.
Харьков телеминораси шаҳардаги энг баланд иншоот бўлиб, унинг баландлиги 240,7 метрга тенг бўлган.
Шарҳлар