Хитой АҚШни “қизил чизиқлар”ни кесиб ўтишдан огоҳлантирди ва “рақиб эмас, балки ҳамкор” бўлишга чақирди
Хитой ташқи ишлар вазири Ван И жума куни Пекинда АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен билан учрашиб, Вашингтонни Хитойга нисбатан “қизил чизиқлар”ни кесиб ўтишдан огоҳлантирди. Хитой раҳбари Си Цзинпин эса Қўшма Штатларни «рақиб эмас, ҳамкор» бўлишга чақирди.
“Хитойнинг талаблари изчил ва у доимо асосий манфаатларнинг ўзаро ҳурмат қилинишини ҳимоя қилади. Қўшма Штатлар Хитойнинг ички ишларига аралашмаслиги, Хитой ривожланишини бостирмаслиги ва Хитой суверенитети, хавфсизлиги ва тараққиёти манфаатларига оид Пекиннинг «қизил чизиқлари»ни кесиб ўтмаслиги керак», деди Ван И.
Хитой Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарининг қўшимча қилишича, Хитой ва Қўшма Штатлар ўртасидаги муносабатлар ҳали ҳам “салбий омиллар” билан синовдан ўтаётган бўлса-да, барқарорлаша бошлаган.
Ўз навбатида, Блинкен ўз баёнотларида анча эҳтиёткор эди. Унинг сўзларига кўра, Пекин ва Вашингтон “фаол дипломатия” орқали икки томонлама муносабатларни ривожлантириш учун умумий масъулиятга эга. Шу билан бирга, у «дунёдаги энг муҳим» деб атаган муносабатларда хатоликлаарга йўл қўймаслик учун мамлакатлар ўртасидаги келишмовчиликлар ҳақида аниқ ва тўғридан-тўғри гапиришини таъкидлади.
Шарҳлар