Исроил ёппасига ракета ҳужумига жавобан, Эроннинг ядро ва нефть объектларига зарба бериши мумкин
Теҳрон томонидан Исроил ҳудуди ёппасига ўққа тутилгач, Эрон ядро ва нефть объектлари Исроилнинг жавоб зарбалари нишонига айланиши мумкин. Бу ҳақда The Wall Street Journal ўз манбаларига таяниб хабар бермоқда.
Нашр маълумотларига кўра, Эрон араб мамлакатларидаги мансабдорларга Исроилга қарши апрель ойидаги зарбаларга тенг келувчи кенг кўламли ҳужумни режалаштираётгани ҳақида хабар берган, ўшанда 36 та қанотли ракета, 110 та “ер-ер” синфидаги ракета ва 185 та ўзи учар қурилма қўлланилган эди. Шундан сўнг дарҳол Исроил Теҳронни Эрон ҳужуми қанчалик кучли бўлиши ва қурбонлар бор-йўқлигидан қатъи назар жавоб қайтарилиши ҳақида огоҳлантирган.
Апрелда Теҳрон Тель-Авив томонидан катта кўламли жавоб зарбасидан қочишга муваффақ бўлган эди. Ўшанда Исроил мудофаа армияси (ЦАХАЛ) авиабазага ҳужум билан чекланганди. Энди эса, нашрнинг америкалик мансабдорлар орасидаги манбалари айтишича, анча экстремал сценарий, шу жумладан, Исроил армияси томонидан Эрон ядро дастури “юраги” ҳисобланувчи, Нетенз шаҳридаги уранни бойитиш объектларига зарбалар кўриб чиқилмоқда.
Эрон, ўз навбатида, аввалроқ Исроил ядро объектларига ҳужум қилса, Теҳрон ядро қуроли яратишга мажбур қолиши ҳақида огоҳлантирган эди.
Шарҳлар