Тўқаев Путинга Доғистондаги терактлар юзасидан суриштирувда ёрдам таклиф қилди
Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Доғистондаги терактлар муносабати билан Россия президенти Владимир Путинга ҳамдардлик билдирди, деб ёзади “Коммерсантъ”. У Москвага тезкор-қидирув фаолиятида ҳамкорликни таклиф этди.
“Қозоғистон инсониятга зид бўлган ушбу хатти-ҳаракатни қатъиян қоралайди ҳамда БМТ, ШҲТ ва бошқа обрўли халқаро ташкилотлар ҳомийлиги остида терроризмга қарши курашда кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантиришни ёқлаб чиқади”, — дейилади Тўқаевнинг баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, 23 июнь куни кечқурун Дарбанддаги синагога ва черковга, Махачқалъадаги ЙПХ пости, черков ва синагогага, шунингдек, Сергокала қишлоғи марказидаги автомобилга ҳужум уюштирилди. Ҳужумлар чоғида 15 дан ортиқ полициячилар ва бир нечта тинч фуқаролар ҳалок бўлди. Ўлдирилганлар орасида Доғистон полицияси бўлим бошлиғи Мавлуддин Хидирнабиев ва Дарбанддаги черков роҳиби бор. Олти нафар жангари йўқ қилинди. Уларнинг уч нафари республикадаги Сергокала тумани раҳбарининг ўғиллари ва жиянидир. Мансабдор қўлга олинди. Теракт тўғрисида жиноят иши қўзғатилди.
Шарҳлар