Залужний Зеленскийга уруш боши берк кўчага кириб қолганини билдирди — ОАВ
Украина қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний президент Владимир Зеленский билан суҳбатда унинг истеъфосидан кейин Украинанинг жанг майдонидаги аҳволи тезкорлик билан яхшиланиши эҳтимоли кам эканини билдирган, деб ёзади The Washington Post.
Унинг сўзларига кўра, унинг ўрнига келадиган ҳар қандай одам ҳам боши берк кўчага кириб қолган жангларда аввалгидек, “анча йирикроқ ва яхшироқ қуролланган кучлар” билан жанг қилишига тўғри келади. Янги бош қўмондонга ҳам талафотлар ўрнини тўлдириш учун аввалгидек, қўшимча кучлар оқими керак бўлади, Украина қўшинларига эса кўпроқ қурол ва техника талаб этилади.
Нашр манбаларига кўра, Залужний истеъфога чиқаётганидан аламзада эмас.
Украина ОАВлари 29 январь куни кечқурун Валерий Залужний Украина ҚК бош қўмондони лавозимидан истеъфога чиққани ҳақида ёза бошлади. Бир қатор манбалар Залужнийнинг истеъфоси ҳақида келишилгани, аммо ҳозирча буйруқ билан расмийлаштирилмаганини маълум қилган бўлса, бошқалари буйруқ имзолангани, бироқ оммага эълон қилинмаганини даъво қилди.
2023 йил кузидан буён Украина ва чет эл ОАВларида гўёки Зеленский ва Залужний ўртасида бўлган зиддиятлар муҳокама қилинмоқда. Украина президенти офиси зиддиятларни рад этди, у ҳақдаги мишмишларни эса Россия олиб бораётган ахборот урушига йўйди.
Шарҳлар